2020 йилга келиб Ўзбекистон углеводородлар ишлаб чиқаришни 2014 йилги кўрсаткичларга нисбатан 2 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси эълон қилган баёнот орқали маълум бўлди.
“2019 йилда углеводородлар қазиб олиш 2014 йилга нисбатан 1.9 фоизга, табиий газ ишлаб чиқариш эса 2 фоизга ошади”, - дейилади баёнотда. Айтиб ўтиш жоизки, баёнот Тошкентда бўлиб ўтган Oil Gas Uzbekistan-2015 халқаро кўргазмаси чоғида оммалаштирилди.
Шу билан бирга, ҳужжатдан 2014 йилдаги ишлаб чиқариш ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар ўрин олмади.
Холдинг компанияси вакилларининг маълум қилишича, айни пайтда 2015-2019 йилларда Ўзбекистонда нефть ва газ соҳасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, мамлакат раҳбариятига тақдим этилган. Ушбу дастурнинг вақтида амалга оширилиши кўрсатилган давр ичида шартли ёқилғи ҳажмларининг 468.7 млн тоннага, шу жумладан табиий газнинг 365 млрд кубометрга ва суюқ углеводородларнинг 31.7 млрд тоннага ошишига олиб келади.