Австриялик почтальонларга қопағон итлардан ҳимояланиш учун егуликлар берилмоқда

Жаҳон 12 Май 2015 674

Австрия почта хизмати ўзининг ходимларига қопағон итларнинг ҳужумидан ҳимояланиш учун егуликлар бера бошлади. Почтальонлар бу егуликлар билан итларни чалғитишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда TheLocal.at хабар бермоқда.

2014 йилда почта хизматининг 47 нафар ходими ўз хизмат бурчини бажариш давомида итлар ҳужумига учраган. Энди Австриядаги ҳайвонот дўконларидан бири почта хизматига йилига 10 тонна итлар учун мўлжалланган галеталар (қотирилган печенье) етказиб беради.

Österreichische Post (Австрия почта хизмати) матбуот котиби Курт Оберманн гап почтальонларни қопағон итлардан ҳимоя қилишнинг янги усули ҳақида кетаётганини таъкидламоқда. Оберманннинг айтишича, почтальонлар иш пайтида кўпинча “ғалати уйларга” боришларига тўғри келади ва бу уйлардаги итлар ўз ҳудудларини ҳимоя қилишга доим тайёр туради.

Итлар эгалари почта хизматининг бу қарорини “яхши ғоя” деб атаб, уни маъқулладилар.

Кўпроқ янгиликлар