Ericsson компанияси Apple корпорацияси ўзининг iPhone ва iPad қурилмаларида швед ишлаб чиқарувчисининг технологияларидан фойдалангани учун унга лицензион бадаллар тўлаши кераклигини таъкидлаб, унга қарши Европада суд таъқибини бошлади.

The Financial Times нашри Ericsson берган баёнотга асосланиб хабар беришича, компания дастлаб Apple билан тинч келишиб олишга уриниб кўрган, бироқ бундан наф чиқмагач, корпорация устидан Германия, Британия ва Голландия судларига даъво аризаси топширган.

“Apple корпорацияси Ericsson’нинг технологияларидан амалдаги лицензияга эга бўлмай туриб, улардан фойда олишда давом этмоқда. Бизнинг технологиялар кўплаб замонавий алоқа қурилмаларида ишлатилади. Биз Германия, Британия ва Голландия судлари бу масалани ҳаққоний ҳал қила олади, деб ишонамиз”, деб айтди Ericsson’нинг интеллектуал масалалар бўйича директори Қосим ал-Фалаҳий.

Агар Европа судлари Apple’ни ўзининг смартфон ва планшетларида Ericsson патентларидан ноқонуний фойдаланаётганликда айбдор деб топсалар, бу қурилмаларнинг ушбу ҳудудларда сотилиши чеклаб қўйилиши мумкин. Шикоятларда гап 2G ва 4G алоқа технологиялари, яримўтказгичли бутловчи қисмлар ва симсиз алоқа ҳақида кетмоқда. 

Ericsson 2015 йилнинг бошида Apple’нинг ушбу ишга алоқадор гаджетларини сотишни тақиқлашни талаб қилиб, АҚШ суди ва Халқаро савдо комиссиясига даъво аризалари юборган. Apple швед ишлаб чиқарувчиси чипнинг нархидан эмас, балки мобиль қурилманинг нархидан келиб чиқиб жуда катта бадаллар сўраётганини таъкидламоқда. Калифорниялик гигант ўзининг бу фикрини АҚШда Ericsson’га қарши судга берган даъво аризасида баён қилган.