Йил бошида ўлдириб кетилган россиялик мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцовнинг Украинадаги урушга бағишланган ҳисоботининг бир қисми ОАВда эълон қилинди. “Путин. Уруш” деб номланган бу ҳисобот RBK сайтидан ҳам ўрин олди.
Ҳисоботнинг тўла матни 64 саҳифадан иборат бўлиб, унда Украинадаги воқеаларга оид гувоҳликлар, ОАВ материаллари, расмий ахборот ва Немцовнинг ўзи томонидан тўпланган маълумотлар асосида Россия қўшинларининг Украина шарқидаги ихтилофдаги иштироки хусусида сўз юритилган.
Матн устида собиқ бош вазир ўринбосари Альфред Кох, журналистлар Айдер Муждабаев, Олег Кашин, РПР-ПАРНАС сиёсий кенгаши аъзолари Илья Яшин, Леонид Мартинюк ва партия ижрочи директори Ольга Шориналар ишлаган.
Немцовнинг келтиришича, 2014 йил августида Украинада 150 нафар Россия аскари ҳалок бўлган.
Яна 70 нафар аскар, шу жумладан, 17 десантчи, 2015 йилнинг январь ва февраль ойларида Дебальцево шаҳри яқинида ҳалок бўлган.
Ўн ой ичида Россия бюджетидан 53 млрд рубль Украина жануби-шарқидаги урушга сарфланган. 2014 йил июлидан бошлаб Донецк ва Луганскдан келган қочқинларга қараш учун 80 млрд рубль сарфланган. Ўз навбатида, Қримга 2 трлн 750 млрд рубль йўналтирилган.