Бозорда сотилаётган барча смарт-соатларнинг асосий камчилиги (барча электрон гаджетлар каби) батареяларининг ишлаш вақти ҳисобланади. Смарт-соатлар оддий механик соатлар каби ҳақиқатда жуда қулай деб аталаши учун етарлича узоқ ишлай олмайди. Бироқ Swatch Group компанияси ижрочи директори Николас Хайек унинг компанияси бу муаммони ҳал қилиш учун барча кучларини сафарбар қилганини маълум қилди.

Дунёдаги энг йирик соат ишлаб чиқарувчи компания раҳбари Handelszeitung газетасига берган интервьюсида унинг компанияси кейинги йилда бозорга нафақат янги смарт-соатлар чиқаришини, балки бу соатлар “инқилобий батареяларга” эга бўлишини ҳам айтмоқда.

Бу борада Swatch Group компаниясининг илмий-тадқиқот бюроси Belenos ва батарея ишлаб чиқарувчи Renata компанияси тадқиқотлар олиб бормоқда.

Қизиғи, аввалроқ Николас Хайек компания смарт-соатлар ишлаб чиқармаслигини айтган эди. Бироқ бир ой ўтиб, Swatch нафақат стратегиясини ўзгартирди, балки волейболчилар учун махсус ишлаб чиқилган Touch Zero смарт-соатини намойиш қилди.

Николас Хайекнинг айтишича, янги узоқ ишлайдиган аккумуляторни нафақат соатлар ва гаджетларда, балки автомобиль тизимларида ҳам ишлатиш мумкин.

“Смарт-соатлар учун 6 ойгача ишлай оладиган батарейкани ишлаб чиқара олган исталган ишлаб чиқарувчи бозорда катта устунликка эга бўлади”, деб айтди Хайек интервьюда.

Айни пайтда бозорда энг оммавий смарт-соатлар бўлган Apple Watch ва Moto 360 соатлари батареяларининг бир қувватланишда ишлай олиш давомийлиги бор-йўғи бир кунни ташкил қилади.