Тожикистон чегарачилари “Ғалаба эстафетаси”ни ўзбекистонлик ҳамкасбларига ўтказишди.

МДҲ давлатлари ташқи чегаралари бўйлаб ўтказилаётган “Ғалаба эстафетаси” Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишланади. 2015 йилги Эстафета 2 февраль куни Брест ва Мурманскда бир пайтнинг ўзида бошланди. Эстафета 2015 йилнинг 28 май куни Москвада, Поклонная тоғида якунига етади.

Эстафетани ўзбекистонлик чегарачиларга ўтказиш маросими эрталаб Сўғд вилояти Матчо туманидаги “Фотеҳобод” назорат ўтказиш пунктида бўлиб ўтди. Ичига Тожикистон тупроғи солинган гильзани Тожикистон чегара қўшинлари полковниги Феруз Абдураззоқовдан ўзбекистонлик ҳамкасби Дмитрий Гордеев қабул қилиб олган. Бунинг юзасидан ўтказилган митингда туман ҳокими Ғайрат Азиззода, уруш ва меҳнат фахрийлари, шунингдек, чегарачилар иштирок этган.
Тожикистон ўз навбатида эстафетани Қирғизистондан қабул қилиб олганди.