Microsoft корпорацияси дастурчиси Жерри Никсон Ignite анжуманида Windows 10 операцион тизими Windows ОТ лар орасида охирги рақамли версияси бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда The Verge ёзмоқда.

Янги операцион тизим доимий янгилашларга эга хизмат сифатида яратилади. Эҳтимол, бу алоҳида компонентлар бўйича амалга оширилади. Мисол учун, почта учун янгилашлар, кейин “Пуск” менюси учун янгилашлар ва ҳоказо. Microsoft матбуот хизмати The Verge нашрига берган маълумотда корпорация Windows’нинг рақамли версияларини чиқариш ўрнига уни доимий янгилашга ўтказишни режалаштираётганини маълум қилган.

Нашр маълумотларига кўра, Windows 10 учун кейинги янгилаш Redstone номи остида ишлаб чиқилмоқда. У 2016 йилнинг баҳорида чиқиши керак. Бу янгилаш операцион тизимнинг айнан қайси компонентларига тегишли бўлиши ҳозирча номаълум. Тахмин қилинишича, Redstone ёки Windows 10.1 ёки Windows Server учун янгилаш бўлади. 

Windows 10 операцион тизими жорий йилнинг июлида сотувга чиқиши керак. Бу маълумотни AMD компанияси раҳбари Лиза Су маълум қилди.