АҚШда поезд изидан чиқиб кетиши оқибатида 50 киши жароҳат олди

Жаҳон 13 Май 2015 783

13 май куни АҚШда поезд изидан чиқиб кетиши оқибатида 50 киши жароҳат олди. Воқеа Филадельфия яқинида рўй берган. Бу ҳақда NBC телеканали хабар бермоқда.  

Гувоҳларнинг айтишича, поезднинг 10та вагонидан 8таси темирйўл изидан чиқиб кетган. Поезд Вашингтондан Нью-Йоркка кетаётган бўлган. ОАВларнинг маълумотларига кўра, поезд Amtrak компаниясига тегишли бўлган.   

Расмий вакиллар поездда 240 нафарга яқин йўловчи бўлганини айтишмоқда. 

Воқеа жойида қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар ва полиция ходимлари иш олиб бормоқда.

Йўловчиларнинг айтишича, поезд фалокатга учраши олдидан биринчи вагонларда кучли титраш сезилган. Поездда “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлигининг мухбири кетаётган бўлган. Мухбирнинг хабар беришича, фалокат бош вагонлар бурилаётган пайтда рўй берган.  

Ўтган якшанбада Янги Орлеандан келаётган Amtrak’нинг яна бир поезди фалокатга учраган эди. Поезд юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда юк машинаси ҳайдовчиси ҳалок бўлган, поездда кетаётган икки нафар йўловчи жароҳат олганди.

Кўпроқ янгиликлар