Ислом Каримов: "Эски шаҳар"замонавий шаҳарга айланади

Ўзбекистон 13 Май 2015 13425

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 12 май куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Хадра майдонида 2013 йили улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган эди. Аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш мақсадида Фурқат кўчасини Зарқайнар ва Себзор кўчалари билан боғлайдиган ер ости автомобиль йўли реконструкция қилинганди. Бунинг узвий давоми сифатида Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк қурилди. 



Президент Ислом Каримов 12 май куни ушбу кўприкни бориб кўрди.

Илгари бу чорраҳада иккита катта кўча кесишар, оқибатда тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўларди. 

Давлат раҳбари ташаббуси билан бу ерда эни 26, узунлиги қарийб 500 метр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди. Абдулла Қодирий кўчасининг ҳар бир йўналиши тўрт полосали қилиб кенгайтирилди. 



Шу пайтгача Себзор кўчасининг ўтказувчанлик имконияти соатига 3200 автомобилни ташкил этган бўлса, 6 қаторли кўприк қурилиши самарасида бу кўрсаткич 9800 тага етади. Абдулла Қодирий кўчасида ҳам энди автомобиллар қатнови 2400 тадан 5600 тага ортади. Бу нафақат ушбу чорраҳадаги тирбандликни бартараф этади, балки Нурафшон, Абай, Олмазор, Зулфияхоним, Қорасарой, Сағбон, Зарқайнар, Навоий, Сақичмон кўчаларидаги қатновга ҳам ижобий таъсир қилади. 

Эътиборлиси, шундай катта чорраҳада биронта ҳам светофор йўқ. Йўловчилар ҳам, автомобиллар ҳам бу ерда тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракатлана олади. 

Ушбу янги иншоот “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компаниясига қарашли “Кўприкқурилиш” трести томонидан бунёд этилган. Хорижнинг энг замонавий технологиялари ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилган. 

Президент бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, йўлсоз ва қурувчиларнинг меҳнатига юксак баҳо берди.

Авваллари бирор иншоот ёки кўприк қуриш керак бўлса, кимни ёрдамга чақиришни ўйлардик, деди Ислом Каримов. Битта кўприк қуриш учун икки-уч йил вақт кетарди. Энди мамлакатимизда замонавий шаҳарсозлик, йўлсозлик тажрибаси тўла шаклланди, кўприксозлик соҳаси пайдо бўлди. Мана шундай замонавий, муҳташам кўприкни 8 ойда бунёд этганимиз мамлакатимизнинг жадал ривожланиб бораётгани, халқимиз нақадар улкан ютуқ ва марраларга эришаётганини кўрсатади. 

Бу гал мамлакатимиз йўлсозлигида яна бир янгиликка қўл урилди – кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун 102 ва 111 метрлик иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилди. Уларга чиқиб-тушиш учун зинапоя билан бирга эскалатор ва лифт ҳам қурилган. Уларда ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ҳам ўрнатилган. Бундай замонавий, одамлар учун барча қулайликлар эътиборга олинган кўприк-иншоотлар дунёнинг баъзи мегаполисларидагина мавжуд. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу иншоот мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. 

Себзор кўчаси орқали 98 метрлик яна бир ер ости йўли барпо этилгач, пиёдаларга чорраҳанинг тўртала томонига ҳам хавфсиз ўтиш имконияти яратилди. 

Давлат раҳбари Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллик байрами арафасида мазкур ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, Абдулла Қодирий кўчасини кенгайтириш, аҳолининг дам олиши ва мазмунли ҳордиқ чиқариши учун кенг имконият яратиш, мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида фавворалар бунёд этиш кераклигини таъкидлаган эди. 

Ушбу тавсиялар асосида бу ерда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада Тошкентда яна бир сўлим маскан пайдо бўлди. Йўл бўйига каштан, эман ва лола дарахтлари ўтқазилди, райҳонлар экилди.


"Дарахт ҳам тирик жон. У соя беради, кўзни қувонтиради, соғлиқни мустаҳкамлайди, умрни узайтиради. Дарахтни севиш, асраш керак. Бу мутасадди ташкилотлар билан бир қаторда мана шу ерда яшаётганларнинг, бутун пойтахтимиз аҳолисининг вазифаси, бурчи бўлмоғи даркор", деди президент.

Кўп қаватли уйларда яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, дам олиши учун имконият яратиш, мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида бу ерда учта фаввора қурилди. Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи олдидаги фаввора реконструкция қилинди. Уларнинг атрофида одамлар ҳордиқ чиқариши, болажонлар яйраб ўйнаши учун шароит яратилди. 



Президент шу атрофда истиқомат қилаётган фахрийлар ва ёшлар билан суҳбатлашди. 

"Эски шаҳар аҳолиси асрлар давомида кўримсиз уйларда яшаб келган, у ерда биронта янги қурилиш бўлмаган. Бу масалани атрофлича ўрганиб, Эски шаҳарни қайта қуришнинг бош режасини ишлаб чиқдик. Унга кўра, янги йўллар, кўприклар, замонавий уйлар, коммуникациялар барпо этилмоқда. Энди Эски шаҳарни “Эски шаҳар” дейиш тўғри келмайди. Яқин йиллар ичида бу жой ҳамма ҳавас қиладиган замонавий масканга айланади", – деди Ислом Каримов. 

Аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасидаги ишлар натижасида Тошкент тобора обод ва кўркам бўлиб бораётганини таъкидлаш мумкин. Буюк Британиянинг нуфузли “Экономист” журнали баҳосига кўра, Тошкент шаҳри дунёдаги яшаш учун энг қулай бўлган 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллаган. 

Давлати раҳбари ушбу майдоннинг қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг, аввало, болаларнинг дам олиши учун яратилган қулайликларни кенгайтириш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тавсиялар берди.


Кун янгиликлари
Ўқишга кира олмадингизми? Ташвишланманг, талаба бўлишингиз мумкин 
16:32 / 17.08.2017 38374 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 14062 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 90772 Ўзбекистон
ОАВ: МРБ Испанияда теракт тайёрланаётганидан огоҳлантирган
23:46 / 17.08.2017 319 Жаҳон
Янги ўқув йилида олий ўқув юртларида ўқиш учун контракт пули ошмайди
23:30 / 17.08.2017 2012 Ўзбекистон
Йўқолган никоҳ узук 13 йил ўтиб сабзида топилди
23:25 / 17.08.2017 2804 Жамият
Барселонадаги теракт гумондорлари қўлга олинди
23:20 / 17.08.2017 1313 Жаҳон
Хайрулла Нуриддинов МТРК раиси  ўринбосарлигидан кетди
23:15 / 17.08.2017 3333 Ўзбекистон
Фото: Австралияда дунёдаги энг кучли қуёш электростанцияси қурилади
23:10 / 17.08.2017 618 Технология
Сериал давом этади: «Барселона» келишув яқин дейди, «Ливерпуль» рад этади
23:05 / 17.08.2017 1037 Спорт
Кўпроқ янгиликлар