Кореянинг Сеул шаҳрида Паралимпия харакатида 1998 йилдан буён анъанага айланган ИБСА Жаҳон ўйинларининг учинчи куни, 13 майда дзюдо ва сузиш спорт турларидан 1тадан олтин ва бронза медаллари Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари томонидан забт этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон МПА Матбуот котиби маълум қилган.

Дзюдо бўйича  Ўткир Нигматов 66 кг. вазн тоифасида ярим финал босқичида 2012 йил Лондон Паралимпия ўйинлари ғолиби, украиналик Девид Хоравани 1:24 дақиқада ҳамда финал босқичида монголиялик рақиби Ажим Мункбатни 00:30 сонияда иппон баҳолари билан мағлуб этиб, мусобақанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Шунингдек, Жаҳон ўйинлари икки карра ғолиби Дмитрий Хорлин 100 метр масофага эркин сузиш бахсида 00:55.04 сония натижа билан бронза медалини хам қўшиб қўйди.

Терма жамоа ҳисобида шу кунга келиб, 3 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза медаллар жамланган.