Украина парламенти президент Пётр Порошенко томонидан таклиф қилинган “Ҳарбий вазиятнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонунни иккинчи ўқишда қабул қилди. ТАСС агентлигининг маълум қилишича, лойиҳани 254 депутат маъқуллаган.
Ҳужжатда, хусусан, Украина ҳудудида истиқомат қилаётган Россия фуқароларини қуролсизлантиришни кўзда тутади. Бундан ташқари, қонун бошқарув органларига кириш ва чиқишнинг алоҳида режимини ўрнатиш, одамлар ва транспортнинг ҳаракатларини чегаралаш сингари ҳуқуқлар беради.
Ҳужжат иловасида ёзилишича, ҳарбий вазият ҳукм сурган чоғда Украинага қарши агрессия амалга ошираётган чет эл фуқароларини қўлга олиш ва қуролсизлантириш сингари чоралар кўриш мумкин.
Шунингдек, уруш ҳолати эълон қилинган вазиятда меҳнатга лаёқатли аҳолининг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши, мулкнинг мажбурий тарзда давлат ҳисобига ўтказилиши, митингларни ва сиёсий партиялар фаолиятини чеклаш сингари ҳолатлар қонунда акс этган.
Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси Порошенко томонидан 3 апрель куни Радада рўйхатдан ўтказилган эди.