Голливудлик машҳур актёр Жан-Клод Ван Дамм Соnan кечки шоуси эфирида “Кикбоксчи” фильмидаги қаҳрамонининг рақсини яна ижро этди. Бу қисқа ижро этилган рақс видеоёзуви YouTube порталида жойлаштирилди.

Шоу бошловчиси Конан О'Брайн “Кикбоксчи” фильми унинг энг севимли фильмларидан бири эканлигини тан олди ва кўрсатув меҳмони Ван Даммдан фильмдаги рақс саҳналарини қайтаришга уриниб кўришини сўради. “Ўша ҳаракатлар ҳали ҳам эсимда бор”, деб айтди Ван Дамм ва студия ўртасига чиқиб, шпагатдан ташқари рақснинг барча асосий элементларини ижро этди. Фильмдаги каби шоуда у билан олдиндан тайёрланган икки нафар актёр жанг қилди.

Аввалроқ актёр 2015 йилнинг охирида экранга чиқарилиши керак бўлган “Кикбоксчи” фильмининг римейкида роль ижро этиши маълум қилинганди. Янги фильмда у жанг санъати устаси, устоз Чоунинг ролини ижро этади.

“Кикбоксчи” фильми 1989 йилда экранга чиқарилган. Ван Дамм бу фильмда иштирок этганида 29 ёшда бўлган. Фильм сюжети бўйича бош қаҳрамон тай бокси бўйича бешафқат жанг гувоҳи бўлади. Бу жангда иштирок этган унинг акаси жароҳат олиб, ногиронлар аравачасига михланиб қолади. Акасининг ўчини олиш мақсадида Ван Дамм қаҳрамони кекса ёшдаги жанг санъати устаси билан танишиб қолади ҳамда ундан керакли малакаларни ўрганиб, рингга жанг қилгани чиқади. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу фильм актёр суратга тушган энг яхши жангари фильмлардан бири саналади.