Каталониянинг «Барселона» клуби биринчи вице-президенти Хавьер Фаус футболчиларга баъзида трансфер ойнаси пайтидаги рақобатдош клублар каби молиявий қулай таклифлар бера олмаслигини тан олди.

«Ҳозирги вақтда «Барселона» «Челси» ва «ПСЖ» каби клублардек футболчиларга тўлаётган маошни таклиф қила олмайди».

«Футболчилар ўз ойликларини Испаниядаги Европа бўйича энг баланд солиқ тизими билан солиштириб кўришлари керак. Барселонада бу кўрсаткич 56 фоизни, Мадридда эса 52 фоизни ташкил қилади».

«Бундай ҳолатларда футболчилар АПЛ ва бундеслига клубларининг шартлари билан бизнинг шартларни солиштириб кўришади. Натижада бизнинг харажатлар кескин ошиб кетади. Бундай пайтда рақобат учун футболчилар ойликларини оширишимизга тўғри келади. Ҳа, биз айнан пулли масалалар юзасидан кўплаб футболчиларни йўқотамиз».

«Футболчиларнинг карьераси қисқа бўлади ва улар ўзлари хоҳлаган маошни тўлай оладиган жамоаларни танлашга ҳақли. Биз уларга хоҳишларининг ярмини таклиф қилиб ушлаб қолишимиз қийин», дея Фауснинг сўзларидан иқтибос келтиради Football Espana нашри.