Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Никита Рафалович Россиянинг Челябинск шаҳрида катталар ўртасида ўтаётган Жаҳон чемпионатининг яримфиналига чиқди.

Ўзига Жаҳон чемпионатининг камида бронза медалини таъминлай олган Рафалович 14 май куни 74 кг гача вазн тоифасида яримфинал баҳсида малилик Исмоил Каулибалига қарши учрашув ўтказади. Иккинчи яримфинал баҳсида россиялик Альберт Гаун ва эронлик Масъуд Хожизавараҳ тотамига чиқадилар.

Никита Рафалович Жанубий Кореяда 2014 йилда ўтган XVII Осиё ўйинларининг кумуш медали совриндори, 2015 йилда Дохада бўлиб ўтган Гран-При сериясининг “Qatar Open” мусобақаси ғолиби ҳамда Туркия-2015 Очиқ чемпионатининг чемпиони ҳисобланади.

Финал баҳси ҳам 14 майда бўлиб ўтади. Шу куни яна бир ўзбекистонлик спортчи Владислав Хан ўз иштирокини бошлайди.

Маълумот учун, ушбу мусобақаларда 2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган 31-чи Ёзги олимпиада ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг очколари ўйналади.