Замонамизнинг машҳур боксчиларидан бири, филиппинлик Мэнни Пакьяо ўзининг фаолияти ниҳоялашга яқин турганини тан олди.

“Ҳозирда мен бор эътиборимни елкамнинг тузалиб кетишига қаратганман. Елкамнинг тузалишига қараб, фаолиятимни давом эттириш ёки тугатиш ҳақидаги қарорни эълон қиламан. Мен спортдан кетишим ҳақида гапирмаяпман, лекин бунга яқин турибман. Ҳозирда мен 36 ёшдаман, декабрда эса 37 ёшга кираман”, деб айтди спортчи.

Маълумот учун, Пакьяо 2 майда Лас-Вегаснинг MGM Grand меҳмонхонасида АҚШлик Флойд Мейвезерга қарши ўтказган жангида очколар бўйича имкониятни бой берган эди. Ҳакамлар бир овоздан, 118-110, 116-112, 116-112 очколар нисбати билан ютуқни Мейвезерга беришди. Жангдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Пакьяо жангга тайёрланиш пайтида спаррингларда ўнг елкасини жароҳатлаганини маълум қилганди.