Қозоғистон ҳукумати Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан республика ҳудудида кам бойитилган уран банкини ташкил қилиш бўйича келишув лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақдаги қарор “Новости Казахстан” агентлиги томонидан тарқатилди.
Ҳужжатда кўрсатилишича, шартномани энергетика вазири Владимир Школьник имзолайди.

Қозоғистон 2010 йилда халқаро кам бойитилган уран банки депозитарийлигига номзодини кўрсатган эди. Қоидага кўра, у ерда хом ашёнинг кичик миқдори сақланиши керак, шунингдек, банк ядровий қуролга эга бўлмаган давлат ҳудудида жойлашиши талаб қилинади. Депозитарийга ҳар қандай давлат мурожаат қилиб, ўз атом электр станциялари учун ёқилғи олиши мумкин бўлади.
Тахминларга кўра, янги банк мамлакат шарқидаги Ульбинск металлургия заводи негизида ташкил қилиниши мумкин. У айни пайтда ядровий материаллар ва нодир рангли металлар экспорти бўйича миллий оператор ҳисобланади.