Россиянинг Челябинск шаҳрида Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган таэквондонинг WTF йўналиши бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда. Дунёнинг 141 давлатидан келган энг кучли даян усталари ғолиблик ва шу билан биргаликда Рио-2016 Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколари учун баҳс олиб боришяпти.

Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини Жасур Бойқўзиев (-87 кг), Дмитрий Шокин (+87 кг), Максим Рафалович (-80 кг), Никита Рафалович (-74 кг), Владислав Хан (-68 кг), Сарвар Шералиев (-54 кг) ва Динара Мамадибрагимова (-53 кг) ҳимоя қилади.

13 май куни Никита Рафалович Ўзбекистон вакиллари орасида биринчи бўлиб баҳсларга киришди. У 14 май куни жаҳон чемпионатининг олтин медали учун курашни давом эттиради. Кечаги баҳсларда у аввалига габонлик Хермен Дюппасауни 14:0, кейин полинезиялик Ремуэла Тинирауни 3:2, нимчорак финалда таиландлик Пиратеп Сила-Онни 16:11 ҳисобида мағлуб этди.

Чорак финалда унга азалий рақиби кореялик Хун Ким рўбару келди. Аввалги ўзаро учрашувларда таэквондо ватани вакилининг қўли баланд келаётганди. Бу сафар Никита кучли рақибини 4:3 ҳисобида енгиб, ярим финалга йўл олди. Энди Рафалович финалга чиқиш учун малилик Исмоил Кулибали билан беллашади.

Таъкидлаш жоиз, Никита Рафалович дунё рейтингида 3-ўринни эгаллаб турибди. -74 кгвазн тоифасининг “А” гуруҳидан ярим финалга Россия ва Эрон вакиллари етиб келишган.

14 май куни жаҳон чемпионатида-68 кгвазн тоифасидаги яна бир ўзбекистонлик таэквондочи Владислав Хан ҳам ўз иштирокини бошлайди. 15 май куни эса Сарвар Шералиев ҳамда Динара Мамадидрагимова, 16 май куни Жасур Бойқўзиев ва Дмитрий Шокин ва ниҳоят 18 май куни Максим Рафалович жаҳон чемпионати медаллари учун курашга киришади.