Агар “Барселона” Чемпионлар Лигасининг финалида ғалаба қозонса, унда Лондоннинг “Арсенал” клуби 3 млн фунт стерлинг миқдорида мукофот пули олади, деб хабар бермоқда The Telegraph нашри.

Бу ҳолат 2014 йилда “Барселона”га 15 млн фунт эвазига ўтган “канонирлар”нинг собиқ ўйинчиси Томас Вермален туфайли мумкин бўлади. Вермален “Барса”га ўтганда маълум бир шартлар асосида “Арсенал”га бир қатор бонуслар тақдим қилиниши кўзда тутилган эди. Бу шартлар орасида “Барса”нинг Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлиши шарти ҳам бор.

Бельгиялик ҳимоячи Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Россия терма жамоасига қарши кечган учрашувда сонидан олган жароҳати туфайли ҳанузгача каталонияликлар сафида бирорта расмий ўйинда иштирок этмади. Бироқ, бу “Арсенал”га ўзининг мукофот пулини олишга халақит қила олмайди, чунки бельгиялик ўйинчи Чемпионлар Лигасида “Бавария”га қарши биринчи яримфинал учрашувида “Барса” таркибига захира ўйинчи сифатида киритилган эди. Агар каталонияликлар Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлса, Томас ҳам медаль билан тақдирланади.

Чемпионлар Лигасининг финали 6 июнда Берлинда, “Герта” клуби ва Германия терма жамоасининг уй майдони ҳисобланадиган “Олимпиаштадион” аренасида “Барселона” ва “Ювентус” клублари ўртасида бўлиб ўтади.