Украина газ экспортчисига айланиши мумкин. Бундай фикрни АҚШнинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайетт билдириб ўтди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Пайетт АҚШ томонидан Украинанинг газ секторига инвестициялар киритилишига ваъда берди ва инвесторлар учун газ қазиб олиш рента божини камайтиришга чақирмоқда.

“Аслида Украина 1950 йилгача Москва ва Минскга газ экспорт қилган. 1970 йилгача бу экспорт 70 млрд кубометрни ташкил қилган ва бу ҳолат Сибирда газ захиралари топилмагунга қадар давом этган. Украина яна бундай мақомга эриша олмаслигига ҳеч қандай сабаб йўқ”, деб таъкидламоқда Пайетт.

АҚШ элчиси Украина нефть-газ соҳасидаги вазиятни прогресс деб атади ва ҳукуматни тарифларни кўриб чиққани учун мақтаб қўйди.

Аввалроқ Украинанинг “Нафтогаз” компанияси Европа Иттифоқи билан газ сотиб олиш учун кредит олиш бўйича мураккаб музокаралар олиб бораётгани хабар қилингади.