Россиянинг Челябинск шаҳрида Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган таэквондонинг WTF йўналиши бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда. Дунёнинг 141 давлатидан келган энг кучли даян усталари ғолиблик ва шу билан бирга Рио-2016 Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколари учун баҳс олиб боришяпти.

Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини Жасур Бойқўзиев (-87 кг), Дмитрий Шокин (+87 кг), Максим Рафалович (-80 кг), Никита Рафалович (-74 кг), Владислав Хан (-68 кг), Сарвар Шералиев (-54 кг) ва Динара Мамадибрагимова (-53 кг) ҳимоя қилади.

14 май куни ўзбекистонликлар орасида биринчи бўлиб баҳсларга киришган Никита Рафалович ўз иштирокини муваффақиятли якунлади. У финалга қадар мағлубиятсиз етиб борди. Аввалига у габонлик Хермен Дюппасауни 14:0, кейин полинезиялик Ремуэла Тинирауни 3:2, нимчорак финалда таиландлик Пиратеп Сила-Онни 16:11, чорак финалда азалий рақиби кореялик Хун Кимни 4:3 ҳисобида енгиб, ярим финалга йўл олди. Финал йўлида малилик Исмоил Кулибали ҳам мағлуб этилди.

Ҳал қилувчи финал учрашувида дунё рейтингида учинчи ўринни эгаллаб турган ҳамюртимиз эронлик Маъсуд Хожизаварехга қарши даянга чиқди. Маъсуднинг оёқда рақибнинг бош қисмига берган иккита аниқ зарбаси якунда эронлик таэквондочининг ғалабасини таъминлади ва у илк бор жаҳон чемпионига айланди. Никита Рафалович эса кумуш медал совриндори бўлди.

Бугун Сарвар Шералиев ҳамда Динара Мамадидрагимова, 16 май куни Жасур Бойқўзиев ва Дмитрий Шокин ва ниҳоят 18 май куни Максим Рафалович жаҳон чемпионати медаллари учун курашга киришади.