Таиланднинг Паттайа шаҳрида мактаб ўқувчилари ўрасидаги жаҳон чемпионати якунланди. Ушбу мусобақада беш нафар ўзбекистонлик ёш шахматчи ўз имкониятларини сиовдан ўтказишди.

7 ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида иштирок этган Акобирхон Сайдалиев блиц баҳсларида бронза медалини қўлга киритди. Классик мусобақада у 9 имкониятдан 5,5 очко жамғарди. Абдулбосит Шарифжонов эса 5 очко билан якунда 14-ўринни эгаллади.

Исломбек 6,5 очко билан кучли тўртликдан жой олди. Бронза медалини қўлга киритган гонконглик спортчи ҳисобида ҳам айнан 6,5 очко бор эди. 9 ёшли шахматчилар баҳсида қатнашган Исломбек сўнгги турда ушбу ёшда жаҳон чемпиони бўлган россиялик Илья Маковеев билан дуранг ўйнади.

11 ёшгача бўлган шахматчила баҳсида қатнашган жаҳон чемпиони Жавоҳир  Синдаров блиц йўналишида олтин медални қўлга киритганди. Бу сафар у 9 имкониятдан 6 очко жамғарди ва якунда 9-ўринни банд этди. 13 ёшлилар мусобақасида иштирок этган Суҳробжон Аввалбоев 9 имкониятдан 5 очко тўплади.

Жаҳон чемпионати якунида Хитой терма жамоаси 5та олтин, шунча кумуш, 4та бронза, жами 14та медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Озарбайжон терма жамоаси 4та олтин медалга сазовор бўлди ва улар умумжамоа ҳисобида иккинчи бўлишди. Кучли учликка 3та олтин, 6та кумуш, битта бронза медали билан Филиппин терма жамоаси якун ясади. Ўзбекистон, Россия, Туркманистон, Мўғулистон, Ҳиндистон, Индонезия, Гонконг терма жамоалари ҳисобида биттадан олтин ва бронза медали жамғарилди.