26 майдан 15 июнга қадар Ўзбекистоннинг умумтаълим мактабларида якуний имтиҳонлар ўтказилади. 4-8-синф ўқувчилари назорат имтиҳонларини топширади, 9-синф ўқувчилари эса якуний давлат аттестациядан ўтказилади.
“Правда Востока” газетасида ёзилишича, алоҳида фанларни чуқурлаштириб ўргатишга ихтисослашган синфларда имтиҳонлар 3 кун кўпроқ давом этади.
Битирувчилар она тили ва адабиётидан ижодий баён ёзишади, ўзбек тили ва чет тилидан, тарих ва физикадан оғзаки имтиҳон топширади, математика ва кимёдан эса ёзма имтиҳон қилинади. Шунингдек, жисмоний тарбиядан имтиҳонлар топшириш мажбурий ҳисобланади.
Ихтисослашган мактаб ва интернатларда фақат она тили ва адабиёти, математика бўйича имтиҳон топшириш талаб қилинади.
Ўз навбатида, 4-8-синф ўқувчилари иккита назорат имтиҳони топширади. Биринчи имтиҳонни 4-5-синф ўқувчилари математикадан, 6-8-синфлар чет тилидан, 7-синфлар эса она тилидан топширади. Иккинчи имтиҳон ўқувчиларнинг ўзлари танлаган фандан олинади.
Умумтаълим мактабларида ўқув йили 25 май куни тугайди.