Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 15 май куни Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Китоб бизни бирлаштиради” номли китобхонлар фестивали ташкил этилди.

Мазкур фестивал Республика болалар кутубхонаси, Байналмилал маданият маркази, Ғ.Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Ундан кўзланган асосий мақсад юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат болалари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, бу орқали Ватанни севиш, умуммиллий қадриятларни янада ривожлантиришдир.

Фестивал давомида юртимизда фаолият кўрсатаётган нашриётларнинг китоб-кўргазма савдоси ташкил этилди. Шунингдек, “Китобхон мактаб”, “Китобхон оила”, “Йилнинг энг яхши китобхони”, “Зукко китобхон” каби кўрик-танловларида фаол қатнашган ўқувчилар вазирликнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Фестивалга ташриф буюрган ўқувчи-ёшлар ўзларининг севимли ёзувчи-шоирлари билан учрашдилар. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллатларнинг Миллий маданият марказлари болалар бадиий жамоаларининг чиқишлари томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Маълумот учун, халқ таълими тизимида 10 114 та ахборот-кутубхона муассасалари мавжуд бўлиб, уларда 26 млн. нусхадан ортиқ китоблар, дарслик ва адабиётлар мавжуд.