Сергели туманида кекса аёл ўз ўғлининг пулини ўғирлади. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси хабар бермоқда.

Ёзилишича, 75 ёшли Муниса Раҳмонова кичик ўғли билан бирга истиқомат қилган. Бир куни уйдан чиқиб, йўл-йўлакай катта ўғлининг уйига кирган. Ўғли ва келини ишга, болалар мактабга кетган. Уйда ёлғиз қолган Муниса ая ўғли ва келинининг ётоқхонасига кириб, дивандаги матрас остидан 3 500 доллар топиб олган. Эски кийимлар тахланган жойдан яна 16 000 доллар топган. Бу пулларни у чўнтагига солиб қўйган.
Эртаси куни ўғли Абдуҳамид пуллар йўқолганини аниқлаган. Буни эшитган рафиқаси Висола хасталаниб қолган. Онасидан гумонсираган Абдуҳамид ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Тергов ишлари олиб борилаётган пайтда Муниса Раҳмонова ўз қўли билан 19 500 долларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига олиб келиб топширган.

“Келинимнинг эсини киритиб қўйиш учун шу ишга қўл урдим”, – деб ўз хатти-ҳаракатларини тушунтирган кекса аёл.