АҚШ Фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси Вашингтонда дронларни учириш расман тақиқлаб қўйилганлиги учун сайёҳларга ўз дронларини уйларида ташлаб келишни тавсия қилувчи баёнотни чоп этди.

Шаҳар ва унга ёндош ҳудудлар “дронлардан ҳоли ҳудуд” деб эълон қилинди.

“Вашингтонга ташрифингиздан завқланинг. Оилангиз билан келинг, камера ва қуёшдан сақловчи кремдан кўпроқ олинг. Бироқ дронларингизни уйда қолдиришингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.

Бу чоралар 11 сентябрь воқеалари ҳамда Колумбия округида исталган парвоз қурилмаларининг, шу жумладан учувчисиз парвоз қурилмаларининг рухсатсиз парвозларни амалга оширишини тақиқлаш билан боғлиқ ҳолда қабул қилинди.

Аввалроқ Оқ уй олдида дрон учирмоқчи бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинганди.