АҚШнинг Arton Capital консалтинг фирмаси Халқаро ҳаво транспорт маълумотлари ва бошқа манбалар асосида дунёдаги энг кучли паспортлар рўйхатини ишлаб чиқди. Бунда ушбу паспорт нечта давлатга визасиз чиқиш имкониятини бериши ҳисобга олинди.
Ўзбекистон рейтингда 64-ўринни эгаллади. Республика паспортига эга инсонлар жаҳоннинг 53 мамлакатига визасиз чиқа олади.
МДҲ давлатларининг натижаларига келадиган бўлсак, Россия 35, Қозоғистон 53, Қирғизистон 63, Туркманистон 70-ўринни эгаллади.
Рейтингда биринчи ўринни АҚШ ва Буюк Британия паспортлари эгаллади. Ушбу давлатларнинг фуқаролари жаҳоннинг 147 давлатига визасиз чиқиши мумкин. Иккинчи ўринни бирйўла Франция, Жанубий Корея ва Германия бўлишиб олди. Улар 145 давлат билан визасиз режимга эга.
Passport Power Rank ёки паспортлар кучи рейтинги Visa Free Score – визасиз режимни баҳолаш асосида тузилган. Тадқиқот доирасида 199 давлат ўрганиб чиқилди.