Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 майдаги 61-сонли баёни ижросини таъминлаш ҳамда 18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан музейшунослик соҳасида ютуққа эришган соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Ўзбекмузей” жамғармаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида "Музей – халқ тарихининг кўзгуси” кўрик-танлови ташкил этилди.

Кўрик-танловда мамлакатимизда фаолият юритаётган музейлардан 50 та ҳужжатлар тақдим этилди. Тақдим этилган ҳужжатлар нуфузли Ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилди. 

Ғолиблар "Йилнинг энг яхши музейи”, "Йилнинг энг яхши уй-музейи”, "Йилнинг энг яхши музей раҳбари”, "Йилнинг энг яхши музей муҳофизи”, "Йилнинг энг яхши музей экскурсаводи”, "Йилнинг энг яхши илмий ходими”, "Йилнинг моҳир реставратори”, "Музейлар тўғрисидаги йилнинг энг яхши кўрсатув, эшиттириш ва мақола муаллифи”, "Йилнинг энг яхши кўргазмаси”, "Йилнинг энг яхши мустақиллик экспозицияси”, "Йилнинг энг яхши музей веб-сайти”, "Йилнинг энг яхши музей жонкуяри” номинатсиялар бўйича аниқланди.

Жорий йилнинг 18 май куни соат 11.00да Ўзбек Миллий академик драма театрида номинантларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади.
Халқимиз маънавий-ахлоқий камолотида тутган ўрнини ошириш, музейлардаги ноёб экспонатлар орқали бой миллий маданий меросимизга ҳурмат-эҳтиром туйғуларини тарбиялаш каби вазифаларни бажариб келаётган музейларимиз жонкуярларига Ўзбек Миллий академик драма театри томонидан "Кўнгил” спектакли байрам совғаси сифатида тақдим этилади.