АҚШ Мудофаа вазирининг Осиё-Тинч океани минтақаси хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Дэвид Шир Пентагоннинг Австралияда стратегик бомбардимончи ва учувчисиз самолётларни жойлаштириш ҳақидаги режаларини маълум қилди. Бу ҳақда Foreign Policy нашри хабар берди.

Товуш тезлигидан тез учадиган B-1B “Лансер” бомбардимончи самолётлари ва “Глобал Хок” оғир учувчисиз парвоз қурилмалари Австралияда мавжуд бўлган АҚШ денгиз қўшинлари корпусининг кучларини тўлдириши керак бўлади.

Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ Хитойнинг ўсиб бораётган таъсирига қарши минтақада ўзининг ҳарбий жойлашувини кучайтиришни режалаштирмоқда.

АҚШнинг қуруқликдаги контингенти Австралияда 2012 йилда жойлаштирилган ва унинг сони борган сари ошиб бормоқда. 2014 йилда Вашингтон ва Канберра ўртасида 25 йил муддатга биргаликда жойлашиш ва машғулотлар ўтказиш ҳақида келишув имзоланган эди. 2016 йилгача Австралияда 2500 нафар денгиз қўшинлари ҳарбийлари жойлаштирилиши мўлжалланмоқда.

B-1B бомбардимончи самолётлари 1970-йилларда яратилган ва дастлаб ядровий жанговор қисмга эга AGM-69 SRAM аэробаллистик ракеталарини қўллаган ҳолда ядровий ушлаб туриш масалаларини бажариш учун мўлжалланган эди. SRAM ракеталари қуролланишдан олингандан кейин бу самолётларда турли турдаги эркин ҳолда тушувчи ракеталар қўлланмоқда ва бу самолётлар JASSM юқори аниқликдаги ноядровий қанотли ракетларини қўллай олади.

2015 йилнинг апрелида аввал Жанговор авиацион кўмондонлик таркибида ҳарбий вазифаларни бажарган B-1B самолётларини АҚШ ядровий триадасининг ер усти ва авиацион қисмини назорат қилувчи глобал зарба бериш қўмондонлиги таркибига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Бу ҳолат ядровий ва ноядровий кучларни бир раҳбарият остида бирлаштириб, стратегик ушлаб туришнинг самарадорлигини оширади, деб ҳисобланмоқда.