АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ва унинг рафиқаси, АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон 2014 йилда оммавий нутқлари учун гонорар сифатида 25 млн доллар олган, деб хабар бермоқда The Washington Post газетаси.

Бундай маълумотлар Клинтонлар оиласи топширган молиявий ҳисоботда кўрсатилган. Ҳаммаси бўлиб ўтган йилда эр-хотин Клинтонлар 104та оммавий лекция ўқиган. Маълум қилинишича, 2012 йилдан бери Ҳиллари Клинтоннинг бир лекцияси нархи 250 минг долларга яқинни ташкил қилади. Бу қиймат АҚШ фуқаросининг бир йиллик ўртача маошидан бир неча марта кўпроқ қийматни ташкил қилади.

Бундан ташқари, собиқ давлат котиби ўзининг “Мушкул танлов” китоби учун муаллифлик гонорари сифатида 5 млн доллар даромад олган. Сиёсатчининг хотиралари киритилган бу китоб 2014 йилнинг июнида чоп этилган.

Билл Клинтоннинг президентлик муддати ниҳоясига етишидан олдин Клинтонлар оиласи қийин молиявий аҳволда қолган эди. Бироқ АҚШ собиқ президенти ёдномаларининг чоп этилиши ва эр-хотиннинг кўп сондаги лекциялари Клинтонлар оиласига бу мушкул вазиятни ўнглаб олишларига ёрдам берди.

Шунингдек, Барак Обама ва унинг рафиқаси ҳам 2014 йилдаги даромадларини декларция қилишди. АҚШ федерал қонунчилигига кўра, АҚШ президенти ва бошқа мансабдор шахслар ҳар йили ўз даромадлари ва зиёнлари бўйича ҳисобот бериб боришлари керак. Барак Обама ва унинг рафиқаси Мишел Обаманинг бойлиги 1,9 млн доллардан 6,9 млн долларгача баҳоланмоқда. Бу қийматдан катта қисми АҚШ Ғазначилиги томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар ҳисобига тўғри келади. Уларнинг бозор қиймати 1,25 млн дан 5,25 млн долларгачани ташкил қилмоқда.

Обама оиласининг қолган активлари жамғариб борилувчи пенсия ҳисоб рақамларида, муддатсиз омонатларда, пенсия жамғармаси ва фарзандларининг ўқишини тўлаш учун жамғарма ҳисоб рақамларида сақланмоқда. Обамалар оиласи, шунингдек, Чикагода уйга эга. Шунингдек, Обаманинг “Умид жасорати” ва “Отамнинг орзулари” китоблари унинг оиласига 130 минг доллар қўшимча даромад келтирган.