XABARDOR.UZ: Гиннесс рекордлар китоби, эҳтимол, ўзининг ҳар бир саҳифаси билан кишини ҳайратга сола оладиган ягона нашр бўлса керак. Бироқ унда холис мутахассислар томонидан қайд қилинган 100 минглаб ажойиб ғалаба ва рекордлар ичида шубҳали ва шунчаки беўхшов ютуқлар ҳам бор. Бундай ютуқлар “энг кучли”, “энг узун” ва бошқа “энг-энг”лар ичида бироз ғалатироқ кўринади. Мисол учун, яқин кунларда Хитойда “дунёдаги энг оммавий косметик жараён” бўлиб ўтди, унда мингга яқин аёл иштирок этди. Қуйида шундай рекордлардан мисоллар келтирилган.

Цзинан шаҳридаги спорт марказида минглаб аёллар бир вақтнинг ўзида юзни массаж қилиш сеансида иштирок этишди. Бу ютуқ Гиннесс рекорд китобига “дунёдаги энг оммавий косметик жараён” сифатида киритилди.

Хитойнинг Цзилинь вилояти вакили Жин Сонгао энг узоқ вақт қорда кийимсиз ўтириш бўйича рекорд ўрнатди: у қор уюмида 46 дақиқа 7 сония кийимсиз ўтирди. Бу вақт ичида у бир идиш пиво ичишга ва тамадди қилиб олишга улгурди.

Немис дизайнери Диди Сенфт 2014 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати учун яратган велосипедида кетмоқда. Сенфт ўзи яратган бу қурилмасида 100 соатга яқин ҳаракатланиб юрган. Велосипед рекордлар китобига дунёдаги энг катта велосипед сифатида киритилган.

2012 йилда хитойлик асаларичи Ши Пин одам танасига ёпишиб олган энг кўп сондаги арилар рекордини янгилади. Унинг танасида ҳаммаси бўлиб 331 мингга яқин, умумий оғирлиги 33,1 кг.ни ташкил қилган ари тўдаси ёпишиб олган. Бу борадаги аввалги рекорд бошқа хитойлик томонидан 2008 йилда ўрнатилган эди, унда жами ариларнинг оғирлиги 26,8 кг.ни ташкил қилганди.

АҚШлик Брайан Спотс бир уринишда 439 та тухумни вертикал қўйишга муваффақ бўлган.

Непаллик Танешвар Гурагай баскетбол тўпини тишида тишлаб турган тиш чўткасида 22,41 сония айлантириб турган.

Япониялик дизайнер Казужиро Ватанабе энг узун “могавк” соч турмагига (ҳиндулар қабиласи номидан олинган) эга. Унинг турмагининг баландлиги 113 сантиметрни ташкил қилади.

Гиннесс рекордлар китобига кириш учун ўзининг номини Гиннесс Риши деб ўзартирган ҳиндистонлик Хар Паркаш танасидаги байроқ кўринишидаги татуировкалари билан ном чиқарган. Ҳаммаси бўлиб унинг танасида бундай байроқлардан тахминан 200 та бор, ажабланарлиси, улардан 49 таси юзида жойлашган.

Тайвань аҳолиси иштирокида яна битта косметик рекорд. Бу гал 1213 киши 10 дақиқа давомида ниқоблар таққан ҳолда қолишган.

Жек Тсонис ва Линдси Моррисон 2009 йилда энг узоқ давом этган қўл сиқишуви рекордини ўрнатишган. Улар бир кундан кўпроқ вақт давомида бир-бирларининг қўлларини сиққанча қолишган. Бироқ уларнинг бу рекордини икки непаллик янгилашга муваффақ бўлди: улар 42 соатдан кўпроқ вақт давомида қўлларини қўйиб юборишмаган.

Энг оммавий сув остидаги кечки зиёфат овқати 2007 йилнинг 22 сентябрида Лондондаги ҳовузлардан бирида бўлиб ўтган.

Эдд Чайн томонидан бошқариладиган энг тез ҳаракатланувчи унитаз 2011 йилда Лондонда кузатилган. Бу сантехника қурилмаси соатига 68 км тезлик билан ҳаракатланган.

2014 йилда Катмандуда 2 мингга яқин одам бир вақтда дарахтларни қучоқлаб турган. Бу натижа экспертлар томонидан қайд қилинган ва рекордлар китобига киритилган.

 

Ўтган йилнинг сентябрида Калифорния штатининг Ирвиндаги университетида тарихдаги энг катта “ёстиқлар билан жанг” бўлиб ўтди. Ҳаммаси бўлиб бу жангда 4200 та ёстиқдан фойдаланилган, улардан аксарият қисми йиртилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган.