Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

2012-2014 йилларда хусусий мулк мавқеини ошириш ва уни ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шароитларини янада яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг ўн бешдан ортиқ қонуни, жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида (янги таҳрирда)”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Рақобат тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” ва бошқа қонунлар қабул қилинди. 

Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56 фоизга етди, иш билан банд аҳолининг 77 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотда, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга қаратилган. 

Фармонга мувофиқ хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиши бўйича асосан жорий йилда амалга ошириладиган ўттиз учта аниқ чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланди. 

Чора-тадбирлар дастурида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган. 

Хусусан, агар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) илк маротаба содир этиб, жиноят аниқланган кундан 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа молиявий жарима турларини тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда. 

Шунингдек, Жиноят кодексига хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан улар томонидан сохта банкротлик ва банкротликни яшириш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмаслигини назарда тутувчи қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. 

Савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш назарда тутилмоқда. Жуда катта миқдорда зарар етказилишига олиб келган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно. 

Тадбиркорлик тузилмалари ва бошқа нодавлат ташкилотларида маъмурий-тақсимот ва маъмурий-хўжалик ваколатларини амалга оширувчи мансабдор шахслар жавобгарлигини юмшатиш чоралари белгиланди. Жумладан, Жиноят кодексига ноқонуний равишда моддий мукофот олганлик (тижорат пораси), ваколатларини суиистеъмол қилганлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун нисбатан юмшоқ жазо чораларини назарда тутувчи алоҳида моддалар киритилади. Юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар натижасида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган ҳолда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмайди. 

Чора-тадбирлар дастурида хусусий тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини кучайтириш назарда тутилган. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона қонунчилигини бузганлиги муносабати билан уларнинг мулкини мусодара қилиш, тўловчи томонидан эътироз бўлганда, қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундириш фақат суд қарори билан амалга оширилади. Хўжалик судларига назорат қилувчи органнинг шикоят қилинаётган ҳаракати (қарори) ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилди.

Қўзғатилган жиноят ишлари доирасида назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг текширувлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жалб этилган адвокатлар иштирокида амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда (хўжалик юритувчи субъект ёзма равишда мазкур ҳуқуқни рад этган ҳоллар бундан мустасно).


Дастурда барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган. Масалан, эндиликда қонунчиликда тадбиркорлик субъектлари учун кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланишда турли ёзма аризалар билан мурожаат қилишнинг ҳожати йўқ. 

Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг махсус ахборот портали воситасида ўтказиладиган электрон савдолар орқали тадбиркорлик субъектларидан бирламчи эҳтиёждаги товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича давлат харидларини амалга ошириш тартиби соддалаштирилди. 

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида автоматлаштирилган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тизими орқали 24 соат узлуксиз амалга оширилади. 

Давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “бир дарча” хизматларининг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилади. 

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан зарур ҳужжатларни тақдим этиш асосида давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари томонидан қурилиш объектларини рўйхатга олиш ва қурилиш-монтаж ишларига рухсат беришнинг билдириш тартибини жорий этиш, ер майдонларини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш тартиб-таомиллари ва муддатларини оптималлаштириш ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига ер майдонларини тақдим этиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш назарда тутилмоқда. 

Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни янада тартибга солиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш, жумладан, жиноий жавобгарлигини жорий этиш ўта муҳим аҳамият касб этувчи вазифа сифатида белгиланган. 

Жумладан, 2015 йилнинг 1 июлидан режали текширувлар ўтказишнинг ягона тартиби ва даврийлиги жорий этилади. Мазкур тартибга кўра, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган, бошқа хўжалик субъектларини текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарори билан амалга оширилади. Айни пайтда молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни амалга ошириш муддати 30 календарь кунидан 10 кунгача қисқартирилмоқда. 

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича режали текширувлар фақат охирги режали текширув давридан кейинги муддатни қамраб олиши шарт. Тадбиркорлик субъектларига йўл қўйилган хатоларни текширув давом этаётган даврнинг ўзида тўғрилаш, шу орқали фаолиятининг тўхтатиб қўйилиши ва тугатилишининг олдини олиш имконияти яратилмоқда. 

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва улар фаолиятига доир комплекс текширувлар тайинланишидан аввал ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир профилактика ишлари самарадорлигини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилган. Назорат қилувчи органларнинг фаолияти айнан шу мезон асосида баҳоланади. 

Бу чора-тадбирларнинг татбиқ этилиши Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунини янги таҳрирда қабул қилишни назарда тутади. 

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Олий судига манфаатдор тузилмалар билан биргаликда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилгани ва ноқонуний аралашгани учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш топширилди. 

Жумладан, хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолияти бўйича текширув ва тафтиш ўтказиш тартибини, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк ҳисобварақлари бўйича амалиётларни ноқонуний тўхтатиб қўйганлик, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларидаги мавжуд пул маблағлари тўғрисида ахборотни асоссиз равишда талаб қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларни хайрия ишлари ва пул маблағлари ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбурий жалб қилганлик ва бошқа ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш кўзда тутилмоқда. 

Тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бинолар ва бошқа иншоотларни шу мулкнинг бозор қийматини қопламасдан бузиб ташлаганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш назарда тутилмоқда. 

Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органларининг тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни кўп маротаба бузган мансабдор шахсларига нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади. 

Шу билан бирга, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарни, жумладан, бой берилган фойдани тўлиқ қоплаш механизмини жорий этиш назарда тутилмоқда. 

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг барчаси маъмурий ва жиноят қонунчилигида ўз аксини топади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ноқонуний аралашиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутадиган алоҳида XVII бобини киритиш кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳам тегишли қўшимчалар киритилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган фармони ижросини таъминлаш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратиш, бизнес муҳитни яхшилаш, Ўзбекистон иқтисодиётига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни янада кенг жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, пировардида, халқимиз фаровонлигини юксалтириш имконини беради.