Қирғизистонда учта ташкилот – “Жабхат-ан-Нусра”, “Котибот ал Имам ал-Бухорий” ва “Жаннат Ошиқлари” ташкилотлари террорчилик ташкилотлари деб тан олинди. Бу ташкилотлар бўлинмаларининг республикадаги фаолияти тақиқлаб қўйилди, деб хабар бермоқда Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Қирғизистон махсус хизмати маълумотларига кўра, бу ташкилотлар 2006 йилда Ироқда “Ал-Қоида”нинг маҳаллий бўлинмаси бошчилигида 11 та радикал гуруҳнинг бирлашиши йўли билан ташкил этилган.

Ўш шаҳри суди томонидан Ўш вилояти прокуратурасининг ушбу ташкилотлар ва “Ан-Нусра фронти” ташкилотини террорчилик ташкилотлари деб тан олиниши ва Қирғизистон ҳудудида уларнинг бўлинмаларининг фаолиятини тақиқлаб қўйиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилди ва қондирилди.

Судда ушбу экстремистик ҳаракатлар “Қирғизистон фуқароларини Сурия ва Ироқ ҳудудида жанговор ҳаракатлар олиб бораётган террорчилик уюшмалари сафига ёллаш ва жўнатиш” билан шуғулланишлари ўрнатилди. Жанговор шароитларда машғулотлар ўтаган радикал ислом тарафдорлари Қирғизистон ва МДҲ давлатларига қўпорувчилик ҳаракатларини оширишга юборилади.