Тошкентда «SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси томонидан болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбир 2013 йилда «SOS Kinderdorf» халқаро ташкилоти бошлаган ва 2014 йилдан буён «SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси томонидан амалга ошириб келинаётган «Care For Me!» («Болаларга ғамхўрлик!») глобал ахборот-тушунтириш кампанияси доирасида ташкил этилди. Унда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бўлими бошлиғи Пилар Гонсалес, Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг болалар ҳуқуқлари муаммоларини ўрганиш бўлими мудири Юлдуз Умарбекова ва бошқалар Ўзбекистонда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим-тарбия бериш, соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни касбга ўқитишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ҳокимликлар, маҳаллалар, тиббий муассасалар, жумладан, «SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси бу борада амалга оширилаётган ишларга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бугунги кунда уюшма томонидан Тошкент, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида амалга оширилаётган дастурларга мувофиқ, 200 нафардан зиёд бола янги оиласини топди. Васийликдан чиққан йигит-қизлар уюшма қошидаги учта Ёшлар уйида мустақил ҳаётга тайёрланмоқда. Оилаларда тарбияланаётган 500 нафардан ортиқ бола моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. 

"Семинарда мамлакатимиздаги болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга масъул жамоат ташкилотлари ва тузилмалар билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга келишиб олдик. Ягона жамоа бўлиб ишласак, ҳар бир болани ҳеч кимдан кам бўлмаган шахс этиб тарбиялашда салмоқли натижаларга эришамиз", – дейди «SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси дастурларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчи Гулчеҳра Ниғматжонова.