Россия президенти Владимир Путин Сочида бўлиб ўтаётган Тунги хоккей лигаси фестивали доирасида 16 майда ўтказилган гала-учрашувга ташриф буюрди. Гала-учрашув 9 майдан 16 майгача ўтказилган хоккей бўйича ҳаваскор жамоалар ўртасида бўлиб ўтган IV Бутунроссия фестивали финалининг якунловчи ўйини бўлди.

Путин анъаналарга ўзгартириш киритган ҳолда, “Юлдузлар” жамоаси сафида музга тушди. Путиндан ташқари, ушбу жамоа сафида Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам ўйнади.

Владимир Путин ўйиндаги биринчи шайбани киритиб, ҳисобни очди. Умумий ҳисобда Путин 8та шайба киритишга муваффақ бўлди. 

Маълумот учун, Тунги хоккей лигаси 2011 йилда ўша пайтда Россия бош вазири лавозимини эгаллаган Путин ҳамда собиқ иттифоқ ва Россия хоккейининг номдор фахрийлари ташаббуси билан яратилган эди. Дастлаб бу лига ишдан кейин хоккей ўйновчи 40 ёшдан катта бўлган ҳаваскор спортчиларнинг уюшмаси сифатида тузилган эди. Ҳозирда эса лигадаги иштирокчилар ёши ва таркиби анчагина кенгайиб, унда аёллар ва ёшлар жамоалари ҳам иштирок этмоқда.