Хитойнинг жанубида автобус бекатига чақмоқ келиб уриши оқибатда 2 киши ҳалок бўлди, яна 9 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Shanghai Daily нашри хабар бермоқда.

Бу ҳодиса 15 май куни Гуанси-Чжуан мухтор вилоятининг Люма қишлоғида юз берди.

Одамлар момақалдироқдан қочиб бекат остига кириб олганларида чақмоқ бекатга келиб урилган. Жароҳатланганлар шифохонага етказилган, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. Шифокорларнинг айтишича, 4 нафар киши жиддий жароҳат олган.

Қайд этилишича, Хитой Миллий метеорологик маркази Хитойнинг жанубий вилоятларида жала, момақалдироқ, дўл ва шторм бўлиши хавфидан огоҳлантириш бериб ўтганди.

Февраль ойи охирида Танзанияда 21 нафар ўқувчи ва уларнинг ўқитувчиси кетаётган мактаб автобусига чақмоқ келиб урилганди. Оқибатда 4 нафар ўқувчи ва ўқитувчи воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 17 нафар бола жароҳат олган эди.

2014 йилнинг декабрида чақмоқ зарбидан АҚШнинг Тампа шаҳридаги автомобиль тураргоҳида 12 киши жабрланган эди. Улардан 7 нафари шифохонага ётқазилган, қолганларга эса воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган эди. Маҳаллий ўт ўчириш бошқармаси матбуот котибининг айтишича, чақмоқ ҳеч кимга келиб урилмаган, бироқ унинг зарбидан ҳавога тош ва шағал кўтарилиб, одамларга жароҳат етказган.