Санкт-Петербургнинг “Зенит” футбол жамоасининг 16 майдаги очиқ машғулоти жамоа футболчиларининг фарзандли бўлган икки отани табриклашлари билан бошланди. Жамоанинг 37 ёшли бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш шанбага ўтар кечаси ўғил фарзандли бўлди.

Дунёга келган янги меҳмон Виллаш-Боашнинг Бенедит ва Каролина исмли қизларидан кейин учинчи фарзанди бўлди. Болакайга Фредерико деган исм берилди.

16 май эрталаб жамоанинг 26 ёшли португалиялик ҳимоячиси Луиш Нетунинг оиласи ҳам бир вакилга кўпайгани маълум бўлди. У ҳам ўғил фарзандли бўлди, унга Родриго деган исм қўйилди.

Машғулот пайтида футболчилар “Зенит”да анъанага айланган ҳолда икки қаторга туриб, “туннель” ҳосил қилишиб, мураббий ва жамоадошларини ушбу муносабат билан “дўстона муштлар” тушириш билан табриклашди. Айтилишича, Виллаш-Боаш Нетудан кўра камроқ “калтак еган”.

Эслатиб ўтамиз, “Зенит” 17 майда ўтказиладиган Уфанинг “Уфа” жамоасига қарши учрашувда мағлуб бўлмаса, Россия чемпиони унвонига сазовор бўлади.