Жанубий Америка футбол Конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) Аргентинанинг "Бока Хуниорс" жамоасини Либертадорес Кубогининг нимчорак финалида Аргентинанинг яна бир жамоаси – “Ривер Плейт”га қарши учрашувда содир бўлган воқеадан кейин мусобақадан четлаштиришга қарор қилди.

Ўша воқеада “Бока Хуниорс” мухлислари майдонда кўзни ачиштирувчи газни сепиб юборганларидан кейин учрашув 1-таймдан кейин тўхтатиб қўйилганди. Биринчи ўйин “Ривер”нинг фойдасига 1:0 ҳисобида ҳал бўлганди.

КОНМЕБОЛ қабул қилган қарорга кўра, “Бока Хуниорс” мусобақадан четлаштирилганидан ташқари, ўз майдонида ўтказиладиган 4 та халқаро учрашувини мухлисларсиз ўтказади. Шунингдек, жамоанинг мухлислари меҳмонда ўтказиладиган 5 та ҳалқаро учрашувга ҳам боролмайди ҳамда жамоа 200 минг доллар жарима тўлайди.

Шу тариқа, Аргентинанинг “Ривер Плейт” жамоаси Либертадорес Кубогининг чоракфиналига йўл олди ҳамда унда Бразилиянинг “Крузейро” жамоаси билан беллашади.