Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсийга ўлим жазоси чиқарилганини кескин танқид остига олди.

Миср суди 16 май куни Мурсий ва “Мусулмон биродарлар”нинг қолган аъзоларига хорижий разведкалар фойдасига жосуслик қилиш ва 2011 йилдаги инқилоб пайтида одамларнинг ўлдирилиши бўйича дастлабки ўлим жазоси ҳукмини чиқарди. Иш бўйича ҳужжатлар мамлакатнинг бош муфтийсига тасдиқлаш ёки рад этиш учун топширилди. Суднинг якуний қарори 2 июнда эълон қилинади.

“Афсуски, Мисрда халқ сайлаган президент Мурсийни қатл этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Миср кўпроқ Қадимги Мисрга айланиб бормоқда. Ўзида ўлим жазосини бекор қилган кўплаб Ғарб давлатлари Мисрдаги ҳарбий тўнтаришга ҳеч қандай муносабат билдирмади ва ҳозирда ҳам бу жараённи четдан туриб кузатмоқда”, деб айтди Эрдўған Истанбулда ўтган чиқиши пайтида.

2013 йилда Миср армияси Миср ҳукумати тепасида “Мусулмон биродарлар” вакиллари бўлганидан норози бўлган халқ ғалаёнлари пайтида Мурсийни ҳукуматдан четлаштириб, мамлакатда муваққат ҳокимиятни эълон қилган эди.