Эрон Европа мамлакатларига расмий Теҳронга нисбатан қўлланган санкциялар бекор қилиниши билан нефть етказиб беришга тайёр, дея хабар бермоқда ТАСС.
Бу ҳақда Эрон нефть вазирлиги вакили, Эрон миллий нефть компаниясининг халқаро масалалар бўйича директори Мохсен Камсари ISNA агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

"Эрон Европанинг нефтга бўлган эҳтиёжининг қарийб ярмини қондириши мумкин. Шартномалар спот (ҳисоб-китоблар шартнома тузилиши билан қисқа муддат ичида амалга оширилади) келишувлари асосида тузилиб, Европа мамлакатлари бошқа етказиб берувчилар билан тузилган йиллик шартномаларни якунига етказмасдан туриб улар узоқ муддатли янги келишувларни имзолай олмайдилар", — дейди Камсари.

Айни пайтда Эрон кунига 1,1 миллион баррель нефтни экспорт қилмоқда.
Аввалроқ, Эрон нефт вазири Бижан Зангане нефтнинг бир баррелини 70-75 доллардан баҳоланаётгани маълум қилинган эди.