16 май кунида анчагина шов-шувларга сабаб бўлган Чеченистоннинг Ножай-Юрт тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи 46 ёшли (аввал манбаларда 57 ёш деб кўрсатилган эди) Нажуд Гучигов ва 17 ёшли чечен қизи Луиза (Хади) Гойлабиеванинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди.

17 ёшли Луиза Гойлабиева ФҲДЁ бўлимига аксарият келинлар каби оқ либосда келди. Келин ўзини жуда камтар ва вазмин тутди, ердан кўзини узмади. Нажуд Гучигов ва Луиза Гойлабиева бир оила деб эълон қилингандан кейин турмуш қурганлик ҳақида ФҲДЁ муҳри урилган иккала паспортни “куёвбола” олмоқчи бўлганда келиннинг қариндошларидан бири уни тўхтатиб қолди. Натижада ҳар иккисининг паспорти келинга топширилди.

Куёв билан келин ФҲДЁ биносидан чиққанларидан кейин турли машиналарга ўтириб, қариндошлари ва меҳмонлар билан тўйни Grand Hall Firdaws саройида нишонлаш учун кетишди.

Тўйда келин ва куёвни Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров табриклади ҳамда ушбу тўйни “мингйиллик тантанаси” деб атади. Бу тўй атрофидаги шов-шувлар ОАВларда чечен полициячисининг балоғатга етмаган қизни унинг ихтиёрига қарши “иккинчи хотин” қилиб олмоқчи бўлаётгани ҳақида мақолалар чоп этилгандан кейин кўтарилганди.

Интернетда янги оиланинг висол онлари муҳрланган видеолавҳалар чоп этилди.