“Манчестер Юнайтед” Англия чемпионатининг етакчи тўртлигидан ўзига жой таъминлаб қўйди ва бу унга кейинги мавсумда Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини беради.

“Ливерпуль” жамоаси “Кристал Пэлас”дан 1:3 ҳисобида мағлуб бўлгандан кейин, Чемпионлар Лигасида иштирок этиш учун барча имкониятлардан маҳрум бўлди.

Агар Луи ван Гал жамоаси чемпионатни 4-натижа билан якунласа, Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига йўл олиш учун квалификация босқичининг финалида иштирок этишига тўғри келади.

Мусобақанинг гуруҳ босқичига қуръа ташлашда “Юнайтед” 2-саватчадан ўрин олади ва гуруҳларга бўлиш қоидаларига кўра, УЕФА рейтингининг биринчи еттита давлати чемпионларидан бири (“Челси”дан ташқари) билан бир гуруҳда ўйнайди. Агар 2014/2015 йиллардаги мавсумда Чемпионлар Лигасининг ғолиби ўз давлатининг чемпион жамоаси бўлса, “ПСВ” жамоаси 1-саватчадан жой олади.

Шу тариқа, Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида “Бавария”, “ПСЖ”, “Ювентус”, ПСВ, “Барселона” ва/ёки “Реал”, “Бенфика” ёки “Порту”, “Зенит” ёки “Краснодар” жамоалари “МЮ” нинг рақиблари бўлишлари мумкин.