Нью-Йоркдаги Julien’s Auctions аукцион уйида “рок-н-ролл қироли” Элвис Преслига тегишли бўлган 150 дан ортиқ буюм сотилди.

Бу аукционда сотилган Преслига тегишли энг кўзга кўринарли буюмлардан бири гастроль автобуси бўлди. Қўшиқчи бу автобусни 1976 йилда ўзининг созандалари учун сотиб олган эди. Барча қулайликларга эга бу транспорт воситаси 270 минг долларга сотилди.

Пресли ижросидаги Love Me Tender қўшиғи ёзилган олтин сув югуртирилган пластинка 125 минг долларга сотилди.

Элвис Пресли ва Присцила Бьюли орасида турмуш қурганлик ҳақидаги гувоҳнома 40 минг доллардан кўпроққа сотилди.

Икки ҳафта давом этган аукционда бошқа қўшиқчиларга тегишли бўлган буюмлар ҳам сотилди. “Биттлз” гуруҳининг аъзоси Жорж Харрисон ўйнаган Maton Mastersound электрогитараси 500 минг долларга сотилди.