WBA версияси бўйича мутлақ чемпион ҳамда ўрта вазн тоифасида IBO камари эгаси ҳисобланадиган қозоғистонлик Геннадий Головкин Вилли Монро-кичкина билан жангда ўз титулларини ҳимоя қилди.

У ўзининг америкалик рақибини баҳснинг олтинчи раундида нокаутга учратди. Бу жанг Калифорния штатининг Инглвуд шаҳрида ўтказилди.
Қайд этиш жоизки, Головкин Монрони иккинчи раунднинг ўзида икки марта нокдаун ҳолатига туширган. АҚШ вакили олтинчи раундда учинчи марта рингга қулаганида, рефери ўнгача санаб, унинг жангни давом эттира олмаслигини маълум қилган.
Шу тариқа, ўзининг профессионал боксчилик фаолиятидаги 33-жангида ҳам ғалаба қозонган (шундан 30таси нокаут) қозоғистонлик боксчи титулларини ўзида сақлаб қолди. Монро эса ўз фаолиятидаги 19-жангида иккинчи мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.