Россиялик тадбиркор Сергей Полонский 17 май куни Камбожадан Россияга депортация қилинди. Бу ҳақда Камбожа ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба хабар берди.

Камбожа Ички ишлар вазирлиги Россия элчихонасини депортация ҳақида хабардор этди.

Россия берилишини талаб қилаётган тадбиркор 15 май куни ўзининг яхтасида Сиануквиль шаҳри соҳилидан бир неча километр узоқликда 5 нафар ёрдамчиси билан виза тартибини бузганликда айбланиб қўлга олинди.

Камбожа қироллиги иммиграция департаменти директори, генерал Сок Пхал 16 майда Камбожа ҳукумати Полонскийни иложи борича тезроқ депортация қилиш ниятидалигини айтган эди. Камбожа иммиграция қонунчилигига кўра, хорижлик фуқаро виза тартибини бузса, тегишли рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланса ёки хавфсизлик ва жамоат тартибига хавф туғдирса мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин.

Полонскийга уч банд бўйича айблов қўйилмоқда: у Камбожада икки йил давомида муддатидан ўтиб кетган виза билан яшаган, ноқонуний тарзда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ва мунтазам равишда жамоат тартибини бузиб юрган.

Полонскийнинг қўлга олинишига Камбожа Ташқи ишлар вазирлигининг Адлия вазирлигидан Россия томонидан ўтган йилнинг декабрида Камбожа ҳукуматига тадбиркорни экстрадиция қилинишини сўраб йўллаган мурожаатини ҳисобга олган ҳолда тадбиркор бўйича ишни қайта кўриб чиқишини сўрагани сабаб бўлган.

Полонский “Рублевская ривьера” ва “Кутузовская миля” уй-жой мажмуаларининг қурилишида пайчиларнинг маблағларини ўғирлаганликда гумон қилинмоқда.

Москванинг Тверь тумани суди унга “уюшган гуруҳ томонидан амалга оширилган жуда катта миқдордаги товламачилик” моддаси бўйича сиртдан айблов қўйган.