17 майда, Россия чемпионатининг тугалланишига икки тур қолганда “Зенит” футболчилари муддатидан аввал Россия чемпионлигини қўлга киритди.

“Зенит” чемпионатнинг 28-тури доирасида “Уфа”га қарши кечган ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этди.

Ўйиннинг 32-дақиқасида петербургликлар ҳужумчиси Халк рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. “Уфа” таркибида Харис Ханжич 87-дақиқада ҳисобни тенглаштирди.

Энди “Зенит” уни тақиб қилиб келаётган “ЦСКА” ва “Краснодар”дан етиб бўлмайдиган даражада ўзиб кетди.

Шу тариқа, “Зенит” 4 карра Россия чемпионига айланди: жамоа 2007, 2010, 2011/12, 2014/15 йиллардаги мавсумларда бу унвонни қўлга киритган. 1984 йилда эса Собиқ иттифоқнинг чемпиони бўлган.