"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси Ўзбекистон республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Vision Care Servise” (Корея Республикаси) халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

Ана шундай ҳамкорлик алоқалари самараси ўлароқ, “Vision Care Servise” (Корея Республикаси) халқаро ташкилоти шифокорлари 2015 йилнинг 17-23 май кунлари диагностика ва офтальмологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш бўйича ижтимоий акцияни амалга ошириб, унинг доирасида 80 нафар фуқарода катарактани олиб ташлаш ва биллур кўз соққасини алмаштириш борасида жарроҳлик амалиётини, 300дан зиёд кишини эса тиббий текширувдан ўтказишни режалаштирган. “Vision Care Servise” ташкилоти маълумотларига кўра, мазкур акция Бухоро шаҳридаги кўп профилли тиббий марказда ўтказилиши белгиланган.
Унда шифокор кўрсатмасидан ўрин олган дори-дармон воситалари ижтимоий ёрдам кўринишида тақдим этилади.

Шу турдаги ижтимоий акция 2014 йилнинг 14-16 май кунлари Осиё маданият ва тараққиёт институти ҳамда «Daewoo International» корпорациясининг молиявий кўмаги билан Фарғона шаҳрида ҳам Фарғона вилоят офтальмология шифохонаси базасида бўлиб ўтган эди. Акция давомида 250 нафардан зиёд киши тиббий текширувдан ўтиб (уларнинг кўпчилигига кўзойнак ҳамда кўриш қобилиятини қўллаб-қувватловчи дори воситалари тақдим этилган эди), 84 беморда катарактани олиб ташлаш ва биллур кўз соққасини алмаштириш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган эди.