Эстониянинг GoRail темир йўл компанияси Таллин-Москва йўналиши бўйича маршрутни тўхтатмоқда. Компания жорий ҳафта охирида Эстония пойтахтидан ушбу йўналиш бўйича сўнгги йўловчилар таркиби жўнатилиши ҳақида маълум қилган.

GoRail компанияси директори Алар Пинселнинг айтишича, Таллин-Москва маршрутининг тўхтатилишига Россиядан туристлар келишининг камайганлиги сабаб бўлиб, бунинг оқибатида компания зарар кўрмоқда.

Пинсел ушбу йўналишдаги алоқани Эстония темир йўллари компанияси давом эттириши мумкинлигини таъкидлаган.

Эстония темир йўллари Россия темир йўллари компанияси билан алоқани давом эттириш бўйича музокаралар олиб бораётган бўлиб, ҳозирча мазкур масалада бирор тўхтамга келинмаган.