АҚШ Конгресси президент Барак Обамадан ХХРга қарши жиддий чоралар кўришга чақирмоқда. Бу ҳақда The Los Angeles Times газетаси маълум қилди.

Нашрда ёзилишича, АҚШ ҳарбийлари орасида Хитойга қарши чақириқларнинг кучайиши охир-оқибат икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Ўз навбатида, Хитойнинг USS Fort Worth (LCS-3) кемасини назорат қилиши АҚШ расмийларини ташвишга солмоқда.

АҚШ ва ХХР Жанубий Хитой денгизининг бой ресурслари учун кураш олиб бормоқда. Ҳозирча бу кураш ва молия ва иқтисодиёт соҳасида кўзга ташланса-да, унинг кейинги даражага ўтиши ва очиқ-ойдин душманликни келтириб чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.

Жумладан, АҚШ конгрессменлари Хитой томонидан тилга олинган денгиз ҳудудида сунъий ороллар яратилишига қарши президент маъмурияти томонидан ҳеч қандай чора-тадбирлар кўрилмаётганини танқид остига олмоқда. Шу ва бошқа лойиҳаларни тўхтатиш ёки уларга қарши жавоб чораларини кўриш, Обама олдида турган дастлабки вазифадир.

Яқинда АҚШ Жанубий Хитой денгизига кемалар ва самолётларини жўнатиши ҳақида хабар тарқалди. Бу Хитой томонидан унинг суверенитетини бузиш деб баҳоланиши мумкин.