Македонияда 17 май куни 20 мингдан ортиқ намойишчи ҳукумат ҳамда бош вазир Никола Груевскийнинг истеъфога чиқишини талаб қилиб кўчаларга чиқди.

Мухолифат кучлари, турли талабалар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари фуқароларни намойишда иштирок этишга чақирди. Македония социал-демократик иттифоқи етакчиси Зоран Заев бошчилигидаги мухолифат бош вазирни коррупцияда, давлатни авторитар услубда бошқаришда ва ўн минглаб фуқаролар ортидан жосуслик қилганликда айбламоқда.

Груевский 16 майда Sitel телеканалига берган интервьюсида истеъфога кетмаслигини ёки муваққат ҳукуматни шакллантириш ҳамда навбатдан ташқари сайловларга тайёрланмаслигини маълум қилганди. Бундан ташқари, у мухолифат етакчиси Заевни хорижий хизматлар томонидан молиялаштирилаётганликда айблаган.

Ҳукумат 18 май кечки пайт мамлакат пойтахти Скопьеда ўз тарафдорларининг намойиши бўлиб ўтишини эълон қилди.

Аввалроқ маълум қилинганидек, Макодения Ички ишлар вазири Гордана Янкулоская ва Хавфсизлик ва контрразведка хизмати раҳбари Сашо Миялков истеъфога чиқди.