Бугун Ўзбекистон Футбол Федерацияси малислар залида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ҳамда жамоа сардори Жавоҳир Соҳибов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

30 май куни Янги Зеландияда бошланадиган ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатига жўнаб кетиш олдидан ўтказилган анжуманда мураббий журналистлар саволларига жавоб берди.

"Тайёргарлик жараёнини декабр ойидан бошладик. Беш ойда олтита йиғин ўтказдик. Улар давомида 14та ўртоқлик учрашувлари ташкил этилди. Йиғинлардан иккитаси хорижда бўлди", дея сўз бошлади Равшун Ҳайдаров.

"Тайёргарлик жараёнидан кўнглим тўлди. Ўзимиздан катта ёшдаги бир нечта терма жамоалар билан, шунингек тенгош жамоалардан Уругвай, Португалия каби кучли термалар билан назорат ўйинларида майдонга тушдик. Гуруҳ босқичидаги рақибларни яхши ўрганиб чиқдик, деб айта оламан. Улар иштирокидаги ўйинларнинг видеолари бизда бор эди. Диққат билан ўрганиб, таҳлил қилиб чиқдик ва шунга яраша тайёргарликларни олиб бордик".

"Йиғинлар давомида 40дан ортиқ футболчиларни кўздан кечирдик. Якуний таркибдан ўрин олган футболчилар Жаҳон Чемпионатига боришга муносиб эканини исботлаган йигитлардир. Таркибимиздаги энг катта йўқотиш - Жамшид Болтабоев. У жароҳати туфайли йиғинларда қатнаша олмади. Ҳамон жароҳатини даволаяпти. Бобур Давлатов эса "Рубин"да тўп суряпти. Унинг клуби футболчига терма жамоа машғулотларига келишига рухсат бермади. Шу сабабли у таркибдан ўрин олмади".

"20 май куни Янги Зеландияга йўл оламиз. У ерга Тошкент-Дубай-Сидней-Веллингтон" йўналишида учамиз. Умумий ҳисобда 22 соат парвоз қилишимиз керак бўлади. Янги Зеландия иқлимига мослашиш, узоқ парвоздан кейин тикланиш ҳамда битта ўртоқлик учрашуви (Панамага қарши) ўтказиш учун у ерга эртароқ боряпмиз. Бунинг учун Ўзбекистон Футбол Федерациясига алоҳида миннатдорчилигимни билдираман".

"Олдимизга ярим финалга чиқиш вазифаси қўйилган. Биз энг камида аввалги мундиалларда қайд этилган натижани такрорлашимиз зарур. Бунинг учун бор имкониятларимизни ишга соламиз", дейди Ўзбекистон U-20 бош мураббийи Равшан Ҳайдаров.